Шавкат Мирзиёев давлат мулкини сотишни соддалаштири тўғрисидаги фармонни имзолади

Дата: 18:39, 18-01-2017.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни янада ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Фармон хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулкларини хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни йўқотиш, хусусий мулкка сотилган объектлар негизида рақобатбардош маҳсулотларни (хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган”, - дейилади хабарда.

Хужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига стратегик бўлмаган объектларни “нол” қийматида инвестиция мажбуриятлари билан сотиш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган.

Фармонга кўра, давлат мулкини ижарага олган ва объектни капитал таъмирлаган, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича асосий воситаларни модернизация қилган, янги иш ўринлари яратган ижарачиларга объектни хусусийлаштириш даврида унга биринчи навбатда хусусийлаштириб олишга устунлик ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, хужжатга мувофиқ, таклиф ягона иштирокчидан тушган ҳолатларда давлат мулки объектларини олиш-сотиш шартномаларини тузишга рухсат берилди. Хусусийлаштирилаётган объект бўйича сотиб олиш тўловларини тўлаш учун 3 йиллик муддат назарда тутилган.

“Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси даъвогар-резидентларидан танлов савдоларида қатнашиш учун бизнес-режа ва буюртманомадан ташқари бошқа бирорта ҳужжатлар талаб қилиш, ҳамда хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш ёки қайтадан кўриб чиқишни талаб қилиш таъқиқланади”, - дейилади хабарда.

Фармонда, шунингдек, давлат мулкини биржада акцияларни бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) сотувга чиқариш йўли билан хусусийлаштиришга ҳам рухсат беришни ҳам назарда тутиши ҳам таъкидланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: