Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитаси таркибини қайта кўриб чиқди

Дата: 18:00, 19-07-2017.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитаси таркибини қайта кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбарининг тегишли қарори Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида жойлаштирилган.

Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқарма негизида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ташкил этилди.

Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг Техник бошқармаси негизида Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси ташкил этилди.

Ахборот-таҳлил бош бошқармаси Таҳлил ва прогнозлаштириш бош бошқармасига,
Солиқ солиш методологияси бошқармаси Методология ва солиқ органларини модернизация қилиш бошқармасига, Ахборот хизмати Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига, Юридик бўлим Юридик бошқармага айлантирилсин ва унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида тегишли бўлинмалари (шуъбалари) бўлган солиқ низоларини судгача ҳал этиш бўлими ташкил этилди.

Солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари – Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди.

Ўзгартиришлар давлат солиқ хизмати органлари асосий ходимларининг белгиланган штатлар сони доирасида амалга оширилади.

Солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари ходимларига турар жой ижараси учун ойлик қоплама ва узоқ муддатли имтиёзли шартларда ипотека кредитлари олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: