Шавкат Мирзиёев депутатларга “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киритди

Дата: 16:12, 17-10-2016.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев парламент қуйи палатасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини кўриб чиқишга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, шунингдек коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга қаратилган”, – дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.

Қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, шунингдек халқаро ҳамкорлик мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашувчи субъектларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини тузиш ва унинг таркибига тадбиркорлар жамоат бирлашмаларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилмоқда.

Шундай қилиб, деб таъкидланади парламент хабарида, қонуннинг амалга киритилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади ва натижада ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига олиб келади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: