Шавкат Мирзиёев Достон Жумабековни қабул қилди
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу давлатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабарида.
Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.
“Мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқларимизнинг бир-бирига бориб-келишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ортмоқда, ҳудудлар ва саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Бизнес ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда”, - дейилади хабарда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди”, - деб қайд қилинади хабарда.
Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.
“Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади. Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди”, - деб хулоса қилинади хабарда.
Сурат манбаи: http://kabarlar.org/news/94648-na-post-spikera-zhk-koaliciya-odobrila-kandidaturu-dastana-dzhumabekova.html