Шавкат Мирзиёев Энрике Пенья Ньетога ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 12 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мексика Қўшма Штатлари Президенти Энрике Пенья Ньетога ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Мексика жанубидаги талофатли зилзила оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва жароҳатланиши ҳақидаги хабар бизни чуқур қайғуга солди”, - дейилади мактубда.
Ўзбек давлати раҳбари бутун Мексика халқига, нобуд бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, шунингдек, барча жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайишни тилади.
Зилзила жума кунига ўтар кечаси Мексика қирғоқларида бўлиб ўтди. Миллий сейсмология хизмати маълумотига кўра, унинг кучи 8,2 баллни ташкил этди. Ҳодиса ўчоғи Тонала шаҳридан (Чьяпас штати) 137 км жанубий-ғарбда бўлган. Зилзиладан сўнг қуввати 6,1гача бўлган 450 силкинишлар рўйхатга олинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 61 киши қурбон бўлган.