Шавкат Мирзиёев Эрон президентига кўплаб қурбонлар муносабати билан таъзия билдирди

Дата: 10:23, 08-06-2017.

Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Теҳронда юз берган терактлар оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан Эрон президенти Ҳасан Руҳонийга ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Эроннинг парламент биносида ҳамда оятуллоҳ Хумайний мақбарасида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларнинг нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди. Ўзбекистон ушбу қабиҳ террорчилик хуружларини, улар қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъий назар, кескин қоралайди ҳамда мазкур балога қарши халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди”, - деб қайд этилади Ўзбекистон президентининг мактубида.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ушбу мусибатли дамларда Ўзбекистон халқи бутун Эрон халқига чуқур таъзия изҳор этади.

“Қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик туйғуларимизни етказиб қўйишингизни сўраймиз”, - деб таъкидланади мактубда.

Эслатиб ўтамизки, куни кеча Теҳронда икки теракт уюштирилиб, Эрон парламенти биноси ва имом Хомейни мақбарасига ҳужумлар бўлди. Бошланғич маълумотларга кўра, терактлар оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 35 киши жароҳатланган. Хужум учун масъулиятни “Ислом давлари” террористик ташкилоти бўйнига олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: