Шавкат Мирзиёев фойдаланилмаётган бинолар билан ишларнинг аҳволи ва банк тизими юзаки ислоҳ қилинаётганлигини танқид қилди
Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фойдаланилмаётган бинолар билан ишларнинг аҳволи ва банк тизими юзаки ислоҳ қилинаётганлигини танқид қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу танқид давлат раҳбари раислигида 4 июл куни Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари иши якунларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.
“Йиғилишда жойларда бўш турган давлат объектлари ёки илгари хусусийлаштирилган, лекин бугунги кунда фойдаланилмаётган бино-иншоотлар бўйича барча таъсир механизмлари ишлаб чиқилган, зарур ҳуқуқий база яратиб берилган бўлса-да, бу борада ҳали сезиларли натижалар таъминланмагани афсус билан қайд этилди”, - дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, банк-молия тизимини расмиятчилик билан, юзаки ислоҳ қилиш амалиётига чек қўйиб, тизимни замонавий услублар асосида ишлайдиган соҳага айлантириш вазифаси ўртага қўйилди. “Энг муҳими, бугунги кунда мамлакатимиздаги тижорат банклари энг замонавий хизматларни кўрсатиб, ҳар бир мижознинг кўнглига йўл топа оладиган, уни ўзига жалб этиш учун рақобат қилиш салоҳиятига эга бўлиши керак”, - деди Мирзиёев.