Шавкат Мирзиёев грантларни амалга ошириш устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди

Дата: 10:37, 26-12-2019.

Тошкент. 26 декабрь. ЎзТАГ – 25 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев грантларни фаол жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича йиғилишда грантларнинг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Айни пайтда мамлакатимизда 667 млн долларлик грантлар ҳисобидан 160 лойиҳа амалга оширилмоқда. Бироқ мазкур лойиҳаларни амалга оширишни мониторинг қилиш, маблағлардан мақсадли фойдаланишни ўзлаштириш ва назорат қилиш самарадорлигини баҳолаш механизми мавжуд эмас. Грантлар ҳисобидан ишга туширилган объектлар ва ускуналар, лойиҳалар доирасида тўпланган тажриба самарасиз ишлатилмоқда. Илм-фан, инновация, экология каби соҳаларда грантлар жалб этилиши етарли эмас ", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, ҳар бир устувор соҳа ва тармоқларда янги грантларни жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлигига грантлар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар натижадорлигини баҳолашнинг янги тизимини яратиш топширилди. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ва Инвестициялар вазирлиги олдига халқаро донор ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 2020 йилда грантларни жалб этиш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиш, жалб этилган маблағларни устувор мақсадлар ва аниқ лойиҳаларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик траст жамғармасига грантлар жалб этишни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: