Шавкат Мирзиёев “Гулистон медтехника” ўзбек-британ ҚК иши билан танишди
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Гулистон медтехника” ўзбек-британ ҚК иши билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Вилоят марказида Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 октябрдан иш фаолиятини бошлаган “Гулистон медтехника” ўзбек-британ ҚКга ташриф буюрди. Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ушбу қўшма корхонани барпо этиш учун $7,3 млн йўналтирилган”, - дейилади Ш. Мирзиёевнинг ташрифи якунлари бўйича президент матбуот хизмати сайтида жойлаштирилган ҳисоботда.
Таъкидланишича, янги корхонада йилига 216 миллион дона шприц ва 26 миллион дона инфузия системаси ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотларни ички бозордан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонга экспорт ҳам қилиш режалаштирилмоқда.