Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни 60 ёши билан табриклади

Дата: 14:56, 30-06-2017.

Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 июн куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг веб-сайтида хабар қилинмоқда.

“Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида Туркманистон Президентини 60 йиллик юбилейи муносабати билан самимий муборакбод этди ва унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, давлат раҳбаридек масъулиятли фаолиятида янги-янги муваффақиятлар, қардош Туркманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари шу йилнинг март ва май ойларида Туркманистонда ўтган олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар ва қабул қилинган қарорларни амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар. “Барча даражадаги алоқалар фаоллашиб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди”, - деб таъкиланади хабарда.

Томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатнинг ўзларини қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: