Шавкат Мирзиёев иқтисодий ҳудудлар фаолиятини танқид қилди
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат ҳудудларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Йиғилишда янги эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этиш, мавжудлари самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар қониқарли эмаслиги, бунинг учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президент топшириғига асосан эркин иқтисодий ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, хориждан юқори технологик ускуналар харид қилиш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан $100 млн миқдорида чет эл валютасидаги кредит линияси очилган.
“Президент Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бу соҳадаги фаолиятини танқид қилиб, уларда ташаббускорлик етишмаслиги, эркин иқтисодий ҳудудлар ва кичик саноат ҳудудларини ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси сустлигини таъкидлади. Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш жараёни мураккаблигича қолиб, одатда расмий характер касб этмоқда. Эркин иқтисодий ҳудудлар қатнашчиларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳануз бюрократизм асоратлари сақланиб қолмоқда”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
“Ургут”, “Кўқон”, “Ғиждувон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий ҳудудлари, шунингдек, фармацевтика йўналишидаги эркин иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш ишлари суст бормоқда. Эркин иқтисодий ҳудудлар ва кичик саноат ҳудудларини электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа коммуникация тармоқлари билан барқарор таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.
Давлат раҳбари эркин иқтисодий ҳудудлар ва кичик саноат ҳудудларидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, инвестор ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Аввало, ушбу зоналар фаолиятини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш, барча учун очиқ ва тушунарли механизм яратиш зарурлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида, ҳозирда мамлакатда 14 та эркин иқтисодий ҳудудлар фаолият юритмоқда. “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Кўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий ҳудудларида умумий қиймати $486 млнга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4,6 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.