Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентига ҳамдардлик билдирди

Дата: 15:31, 28-07-2017.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ш.Мирзиёев Ҳиндистоннинг Гужарат штатида рўй берган сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва аҳоли ўртасида уй-жойидан ажраганлар, жиддий талофат кўрганлар борлиги муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковиндга самимий ҳамдардлик изҳор этди”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Давлат раҳбари мактубда Ҳиндистон Президенти ва бутун Ҳиндистон халқига чуқур таъзия билдирди. Оила аъзолари ва яқинларидан жудо бўлган инсонларга самимий ҳамдардлик сўзларини етказиб қўйишни сўради.

First Post нашри маълумотларига кўра, 119 киши Гужарат штатида рўй берган сув тошқинларининг қурбони бўлди. Бу ерда бир неча кундан бери ёмғир ёғмоқда. Сувнинг кўпайиши Барнас дарёсидаги плотинанинг бузилиш хавфини туғдирди. Шу сабабли, ортиқча сувни чиқариб ташлаш ҳақида қарора қабул қилинди, бу эса соҳилдаги бир неча қишлоқларни сув босишига, бу ерда яшовчиларнинг бир қисми қурбон бўлишига олиб келди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: