Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чоралар ҳақида гапириб берди

Дата: 16:25, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чоралар ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилди”, - дейилади ўзбек етакчисининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида.

Шундан кейин таъкидланишича, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жаноб Ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

“Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқотимиз фаоллашиб бормоқда. Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилди”, - дея қайд этди Мирзиёев.

Ўзбек давлари етакчисининг сўзларига кўра, “экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда”. “Эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: