Шавкат Мирзиёев инсонларнинг мурожаатларига эътибор бермаётган амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда берди

Дата: 18:52, 09-12-2016.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инсонларнинг мурожаатларига эътибор бермаётган амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида мен бир нарсага амин бўлдим. Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди”, - деди Мирзиёев Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида.

“Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди”, - деб таъкидлади янги сайланган президент.

Унинг сўзларига кўра, одамлар, энг аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқдалар.

“Шу сабабли ана шу қонун талабларини бажармаётган раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарур”, - деб хулоса қилди Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: