Шавкат Мирзиёев қишлоқ жойларидаги мактабгача таълим муасасаларида ота-оналар бадалларини 30% пасайтириш ҳақида топшириқ берди

Дата: 10:28, 03-01-2017.

Тошкент. 3 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ жойларидаги мактабгача таълим муасасаларида ота-оналар бадалларини 30% пасайтириш ҳақида топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Ушбу топшириқ унинг томонидан тасдиқланган “2017−2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.

Хусусан, 2021 йилгача ҳукумат дастурни амалга ошириш учун жами 2,2 трлн сўм маблағ ажратилиши режалаштирган. Ушбу маблағлар 2200 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлашга йўналтирилади.

Хужжатга мувофиқ 70 ва 120 ўринга мўлжалланган намунали болалар боғчалари қуриш ҳам кўзда тутилган. Бу ишни “ТошуйжойЛИТИ” компанияси бажаради.

“Яқин йилларда мактабгача таълим муассасалари тармоғини 50 та янги қурилиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш ва 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали кенгайтириш режалаштирилмоқда, бу эса болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробарга оширишга имкон беради”,- дейилади хужжат матнида. 

Бундан ташқари, болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш ва 3-6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлашни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: