Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди
Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Шунингдек, Мирзиёев бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
“Мақбара мармар ва гранитдан бунёд этилган, “Қуръон” оятлари билан безатилган. Айвон пештоқларига Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, инглиз ва араб тилларида битилган. Мажмуа атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган. Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғунлик касб этган”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Шавкат Мирзиёев мажмуадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, қабристонни обод қилиш бўйича тавсиялар берди.


