Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни улар меҳнати “муносиб қадрланишига” ишонтирди
Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни улар меҳнати “муносиб қадрланишига” ишонтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш, жонажон Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз”, - дейилади давлат раҳбарининг “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига” номли мактубида.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, “Бу борада биз илгари сураётган “Жаҳолат ва зўравонликка қарши маърифат билан курашамиз” деган ғоя ва ташаббус (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида – ЎзТАГ) халқаро майдонда катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда ҳамда қўллаб-қувватланмоқда.
Ишончим комил, халқимиз зиёлиларининг илғор вакиллари бўлган сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тизим самарасини оширишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар, деб таъкидлади давлат раҳбари.


