Шавкат Мирзиёев келажакда ҳокимлар тўғридан тўғри сайланиши мумкинлигини маълум қилди

Дата: 18:08, 16-12-2016.

Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев келажакда ҳокимлар тўғридан тўғри сайланиши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин”, - деди у Конституция қабул қилинганини 24 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали йиғилишдаги маърузасида.

Давлат раҳбари олий бўғин раҳбарларини ҳудудларга тез тез чиқиб туришга чақирди.

“Маълумки, ҳозирги кунда Олий Мажлисимиз Сенати томонидан ҳар йили Бош прокуратуранинг ҳисоботи эшитилади. Бу албатта муҳим, лекин жойлардаги, масалан, узоқ Олот туманида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар бўлимларининг ҳисоботини ким эшитади? Шу нуқтаи назардан қараганда, Биринчи Президентимиз жорий этган тизим асосида ҳурматли Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат раиси жойларга чиққанларида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларидан улар ўз зиммасидаги вазифаларни қай даражада ижро этаётганига, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг мурожаатларини қандай ҳал қилаётганига алоҳида эътибор қаратишлари лозим”, - деди Мирзиеев.

Шу мақсадда Олий Мажлис 2017 йилдан бошлаб ҳар қайси вилоят бўйича бир йилга мўлжалланган иш режасини белгилаб олиши ўринли бўларди, деб таъкидлади у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: