Шавкат Мирзиёев халқнинг суд тизимига ишончини мустаҳкамлашни бош мақсад деб ҳисоблайди
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқнинг суд тизимига ишончини мустаҳкамлашни бош мақсад деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Асосий мақсадимиз – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати давлат раҳбарининг 13 июн куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги сўзларидан.
Шундан кейин таъкидланишича, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. “Шу маънода ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак”, - дейилади хабарда.
Йиғилишда адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтириб ўтилди.