Шавкат Мирзиёев ХХР ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди

Дата: 09:59, 14-11-2016.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 12 ноябр куни Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ин билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Самимий ва хайрихоҳлик руҳида ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. 

Шу жиҳатдан томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йилда Хитойга ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йилда Ўзбекистонга ташрифлари ўзаро англашув ва ишончга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлагани, икки тарафлама манфаатли ҳамкорликка янги суръат бағишлаганини алоҳида қайд этдилар. 

“Мамлакатларимиз мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотларга алоҳида аҳамият қаратади. Бу амалиётни келгусида ҳам давом эттириш, 2017 йилда навбатдаги учрашувларни ўтказишга келишиб олинди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида. 

Икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар бўйича фикр алмашишнинг самарали механизмига айланган ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим бўғини ҳисобланади. 

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. 

ХХР ташқи ишлар вазири Ван И самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Хитой раҳбарияти Ўзбекистон билан мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишлар бўйича шерикликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг барқарорлиги, хавфсизлиги, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Эслатиб ўтамизки, Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми $4 млрддан, Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми $6,5 млрддан ошади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: