Шавкат Мирзиёев хорижий дорилар ва тиббий буюмлар импорт харидларини “Ўзмедэкспорт”га топширди
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 августдан бошлаб хорижий дорилар ва тиббий буюмлар импорт харидларини “Ўзмедэкспорт”га топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу давлат раҳбарининг Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги душанба куни имзоланган қарори билан кзда тутилган.
Бу ҳақида “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида маълум қилинди.
Хужжатга мувофиқ, 1 августдан бошлаб Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайдиган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширилади.
Айни пайтда тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаштириш фақатгина “Ўзстандарт” агентлигида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Бунда қайта расмийлаштириш янги лицензияловчи орган – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Ушбу мақсадларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилмоқда.
Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси бир ой муддатда белгиланган “нархни шакллантириш жараёнига курс фарқлари ўзгаришининг таъсирини камайтиришни назарда тутган ҳолда” Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари савдо номлари ва тиббиёт буюмларига белгиланган улгуржи ва чакана нархларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.