Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига жўнаб кетди

Дата: 12:27, 22-11-2017.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 21 ноябр куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига жўнаб кетди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган”, - дейилади хабарда.

Давлатимиз раҳбари, деб таъкидланади шундан кейин, Миллий Ассамблея Спикери ва Корея Республикаси Бош вазири билан ҳам учрашади, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этади. 

“Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: