Шавкат Мирзиёев Куба халқига Фидель Кастро вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Дата: 10:05, 29-11-2016.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Куба Республикаси Давлат Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши Раиси Рауль Модесто Кастро Русга Фидель Кастронинг вафоти муносабати билан мактуб йўллади, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Ш.Мирзиёев “Куба раҳбарияти ва бутун халқига самимий далда ва таъзия изҳор этилган” мактуб йўллаган.

“Куба йўлбошчиси ўз ватанининг ҳақиқий ва содиқ ватанпарвари сифатида, бугунги Кубанинг асосчи-отаси сифатида тан олинган, Куба давлатчилигига мустаҳкам пойдевор ўрнатган, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилишда мардлик ва қатъийликни намоён қилган. Куба халқининг мустаҳкам иродаси ва озодликка интилиши, ўз тараққиёт йўлини сақлаб қолишдаги қатъий жасорати, ҳеч муболағасиз, ушбу тарихий шахс номи билан чамбарчас боғлиқдир”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса сайтидаги хабарда.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, Фидель Кастро ҳар доим Ўзбекистон ва Куба ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тарафдори бўлган.

“Биз эрксевар Куба халқининг дард ва қайғусига шерикмиз”, - деб таъкидланади Ш.Мирзиёевинг мактубида.

Олдин хабар берилгани каби, Фидель Кастро 25 ноябрда 91 ёшида оламдан ўтди.

Ф.Кастро – кубалие инқилобчи, давлат ва жамоат арбоби бўлиб, у 1926 йил 13 августда туғилган. 1976 йил декабрдан бошлаб 30 йил давомида Куба давлат кенгаши ва вазирлар кенгашининг раиси бўлган. Шунингдек, у Инқилобчи ҳарбий қўшинлар ва мамлакат миллий мудофааси кенгашининг ҳам бош қўмондони эди.

Фидель Кастро соғлиги ёмонлашганлиги туфайли 2006 йил 31 июнда ўз вазифаларини укаси Рауль Кастрога топширган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: