Шавкат Мирзиёев МДҲ Ижроя котиби билан музокаралар ўтказди

Дата: 11:31, 07-04-2017.

Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ҳамдўстлик доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласига муҳим аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда МДҲ кўп томонлама ҳамкорлик, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ва муҳокама этиш учун ўзига хос майдон ҳисобланади. 

“Суҳбат чоғида МДҲ доирасида эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, транспорт-коммуникация тармоқларини жадал ривожлантириш ва бутун минтақанинг транзит салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида. 

С.Лебедев Президентимизга самимий қабул, Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: