Шавкат Мирзиёев МДҲ шиддат билан олдинга ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайди

Дата: 14:40, 13-10-2017.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) шиддат билан олдинга ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У бу баёнотни МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида қилди.

“Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш "майдони" эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик, деб давом этди ўзбек давлати раҳбари.

“Шунингдек, биз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокимизни қайта тикладик. Биз Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлиги ҳолатини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболини белгилаб олишни режалаштирганмиз”, - дея қайд этди яна Мирзиёев.

Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз, деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

“Бизнинг пировард мақсадимиз – Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишдир. Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман. Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябр куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз”, - деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: