Шавкат Мирзиёев Миср президентига ҳамдардлик билдирди

Дата: 16:32, 13-12-2016.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Миср президентига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 12 декабр куни Қоҳира шаҳрида жойлашган черковда содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг, айниқса бегуноҳ аёллар ва болаларнинг нобуд бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисийга самимий таъзия изҳор этди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот хизмати хабар хабарида.

Хабарда айтилишича, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига сабр ва бардамлик, жароҳатланган кишиларга шифо ато этишини тилаган.

Эслатиб ўтамизки, 11 декабр куни тонгда Қоҳирадаги “Авлиё Марк” коптлар черкови биноси ёнида портлаш рўй берган. Баъзи маълумотларга кўра, портловчи модда ибодатхона ичига жойлаштирилган. Бошқа маълумотларга кўра, нотаниш киши уни черковнинг ичига ташлаб юборган. Мисрда воқеа муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилинди.

2016 йил 12 декабрда Миср президенти черковдаги теракт худкуш Шафиқ Маҳмуд томонидан амалга оширилганлигини маълум қилди. Портлашга алоқадор яна 4 киши хибсга олинган 2 киши қидирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: