Шавкат Мирзиёев муаммони давлат ҳокимияти турли даражалари орасида мувофиқлаштиришнинг йўқлигида кўрмоқда

Дата: 15:27, 10-08-2017.

Тошкент. 10 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муаммони давлат ҳокимияти турли даражалари орасида мувофиқлаштиришнинг йўқлигида кўрмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари ушбу хулосага 9 август куни Тошкентда жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида мамлакатини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишига бағишланган селектор йиғилишида келди.

“Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, тармоқлар раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари ҳали ҳудудлар билан боғлиқ камчиликлар ва муаммоларга тўлиқ барҳам берилмаганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири шу пайтгача марказий органлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда асосий ижрочи бўлган қуйи бўғин ўртасида ўзаро самарали ҳамкорлик таъминланмаётганидир. Аксарият масъул шахслар фақат яққол кўзга ташланадиган муаммолар ечими ёки юқоридан бериладиган топшириқлар ижроси билан чекланиб қолмоқда. Уларда муаммоларни комплекс ҳал этиш борасида ташаббускорлик сезилмаяпти”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, яна бир сабаб шуки, марказий идоралар вакилларининг ҳудудларга хизмат сафарлари тегишли тарзда мувофиқлаштирилмаётгани оқибатида уларнинг кўпчилиги бир-бирини такрорлаяпти. Жойлардаги раҳбарлар марказдан келганлар билан бирга юришга мажбур бўлиб, ўзининг бевосита вазифаларидан чалғимоқда.

“Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни баҳолашда жойлардаги ҳақиқий аҳволни танқидий таҳлил қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда улардан ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари, хомашё ресурслари, ривожланиш даражаси ва эҳтиёжи тўлиқ ҳисобга олинмаяпти”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда республика ва маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмлари устувор лойиҳаларни манзилли ва ўз вақтида молиялаштиришни таъминламаяпти.

Шунингдек, кўплаб ташкилот ва идораларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир энг муҳим дастурларни амалга ошириш ўрнига, аксарият ҳолларда, фақат йиғилишлар ўтказиш ва пухта ўйланмаган қарорлар қабул қилиш, амалий иш қолиб, қоғозбозлик билан шуғулланиш ҳолатлари учраяпти.

“Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар мажлислар сонини кескин қисқартириш, кўриладиган масалаларга бевосита алоқаси бўлмаган давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасалар раҳбарларини таклиф қилмаслик зарурлигини таъкидлади”, - дея қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: