Шавкат Мирзиёев “Навоиазот” АЖда амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди

Дата: 22:48, 27-12-2016.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти Шавкат Мирзиёев “Навоиазот” АЖда амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ТИВ сайтига асосланган ҳолда.

“Биринчи лойиҳа каустик сода ва метанол ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, йилига $260 млнлик маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилади. 900 дан зиёд янги иш жойи ташкил этилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа тўла маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлайди”, - дейилади хабарда.

Иккинчи лойиҳа доирасида аммиак карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йилига $173 млнлик маҳсулот тайёрлаш имконини берадиган мазкур корхонада 500 га яқин иш ўрни ташкил этилади.

“Азот кислотаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган учинчи лойиҳа энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилиши билан бирга экспортга ҳам жўнатилади. Корхона ишга тушиши билан азот ўғитларининг нархи сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Ш.Мирзиёев “мазкур янги лойиҳаларни тез ва сифатли амалга ошириш иқтисодиётимиз ривожида муҳим аҳамият касб этиши”ни таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, 25-дeкабр куни Ш.Мирзиёев Навоий вилоятидаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: