Шавкат Мирзиёев “Навоий” логистика марказининг бош муаммоларини санаб ўтди

Дата: 13:53, 07-12-2017.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Навоий” логистика марказининг бош муаммоларини санаб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар орасида бозорга мос бўлмаган тариф сиёсати, ёқилғи етказиб беришдаги узилишлар, ёмон инфраструктура кабилар бор. Хусусан, ана шулар ҳақида 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда гапирилди.

“Ваҳоланки, халқаро транспорт-транзит соҳаси, айниқса, ҳаво транспортида юк ташиш энг сердаромад соҳалардан биридир. Мисол учун, Дубай халқаро аэропорти йилига 3 миллион тоннагача юк ўтказиб, 26 миллиард долларга яқин даромад топади. Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида бир йилда 1,5 миллион тонна юк ўтказиш қувватига эга бўлган логистика марказини ташкил қилишни режалаштираётгани ҳам шундан. “Навоий” логистика марказини бундай хаблар билан солиштириб бўлмайди. Бу ҳолатда рақобат қилиш жуда қийин”, - деди куюнчаклик билан давлат раҳбари.

Хорижий юк ташувчиларни кўп миқдорда ва давомли жалб қилиш ишни қанчалик унумли ташкил этишга бевосита боғлиқ, дея давом этди Мирзиёев. “Навоий” логистика маркази фаолиятида, аксинча, қатор тизимли муаммолар мавжуд. Хусусан, ҳаво транспортида юк ташишни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири тарифларнинг юқорилигидир”, - дея қад этди Ўзбекистон Президенти.

Мирзиёевнинг фикрига кўра, хорижий юк ташувчи субъектлар “Навоий” логистика маркази имкониятларидан фойдаланишга қизиқиш билдирмаяпти. “Бунинг асосий сабаби авиакеросин етказиб беришда узилишлар мавжудлигидир. Бу турдаги ёқилғига бугунги кунда ҳафталик эҳтиёж 950 тонна эканига қарамай, нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан атиги 600 тонна ажратилмоқда”, - деб таъкидлади у.

 Транспорт компаниялари томонидан мувофиқлаштириш ишлари таъминланмагани сабабли мультимодал ташиш ҳам ривожланмай қолган. “Божхона тартиб-таомиллари узоқ давом этиши ва транспорт воситалари чегарада бекор туриб қолиши оқибатида юкларни етказиб бериш муддати чўзилиб кетмоқда. Маҳаллий импортчиларда ҳам ўз юкларини “Навоий” хаби орқали қабул қилиб олишга қизиқиш йўқ. Чунки инфратузилма талаб даражасида ривожлантирилмаган. Импорт юкларнинг аксарияти Тошкент аэропорти орқали кириб келмоқда”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: