Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташриф буюрди

Дата: 22:34, 28-03-2017.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 март куни Навоий вилоятига келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 18 корхона фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: