Шавкат Мирзиёев ОИИБ раҳбари билан $2,7 млрдлик лойиҳаларни муҳокама қилди

Дата: 12:08, 09-08-2017.

Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – 8 августда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

Ш.Мирзиёев “...меҳмонни Осиё қитъасида замонавий ва ишончли инфратузилмани шакллантиришга кўмаклашадиган янги халқаро молия институти бўлган ушбу банк ўз амалий фаолиятини муваффақиятли бошлагани билан самимий табриклади”.

“Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикасида умумий қиймати $2,7 млрд бўлган истиқболли лойиҳаларни – сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий автомобиль йўллари қуриш, темир йўлларни электрлаштириш ва пойтахт метрополитени тармоғини кенгайтириш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишга доир ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди”, - дея қайд этилади хабарда.

Қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилиш механизмини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги алоҳида таъкидлангани хабар қилинмоқда.

Ўз навбатида, Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюнь Шавкат Мирзиёевга “самимий қабул ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди”.

Банк Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки 2015 йилда ташкил этилган. Қароргоҳи Пекин шаҳрида. Банк бугунда турли мамлакатлардаги 17 инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда қатнашмоқда.

Ўзбекистон ўтган йилнинг ноябрда банкнинг тўлақонли аъзосига айланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: