Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга икки кунлик ташрифни амалга оширди

Дата: 11:33, 23-01-2017.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида 20-21 январ кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Давлат раҳбари Хўжайли тумани марказий шифохонасига ташриф буюрди. Замонавий тиббий техника билан жиҳозланган ушбу муассаса тумандаги 11 қишлоқ врачлик пункти ва 4 поликлиника билан биргаликда 130 мингдан зиёд аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шундан кейин қайд этилишича, Ш.Мирзиёев шифохонадаги шароит билан танишди, қабул, рентген, диагностика ва қатор бошқа бўлимларни кўздан кечирди. Шифокорлар билан мулоқотда малакали тиббий кадрлар етиштириш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, хизмат малакасини ошириш, шифохоналар қуришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Президент Шуманай тумани “Жумабой Бозоров” номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрди. 211 ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда миллий мусиқа асбоблари, фортепьяно, хореография, тасвирий санъат каби ўндан зиёд йўналишда дарс ўтилади. Муассаса очилганига атиги бир неча йил бўлганига қарамай, унинг ўқувчилари қатор танловларда, хусусан, 2 марта мамлакат миқёсида ўтказилган кўрикда биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди”, - деб таъкидланади хабарда.

“Давлатимиз раҳбари “Қўнғирот-Мўйноқ” ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланиши билан танишди. 101 километрлик ушбу сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади”, - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ш.Мирзиёев ташриф доирасида қатор йирик саноат корхоналари, тиббий ва ижтимоий объектларини ҳам кўздан кечирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: