Шавкат Мирзиёев Оролбўйини 2021 йилга қадар ривожлантириш давлат дастурини тасдиқлади

Дата: 21:48, 31-01-2017.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 201-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича давлат дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.

Хужжат Оролбўйи ҳудудида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият, турмуш шароитларини яхшилашга, Орол денгизи экологик ҳалокати оқибатини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини самарали амалга оширишга йўналтирилган.

Дастур 8 асосий йўналишда амалга оширилади. Булар янги иш ўринларини яратиш, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш, сув таъминоти, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш ва генофондни сақлаш, аҳоли турар жой шароитларини яхшилаш, транспорт, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, таълим фан ва маданият тизимини ривожлантириш, ерларнинг саҳрога айланиши билан кураш ва сув ресурсларини бошқариш кабилардир.

“Давлат дастурини тизимли амалга ошириш учун Республика комиссияси тузилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди”, - дейилади хужжат матнида.

Бундан ташқари, давлат раҳбари минтақа аҳолисига 2017 йил 1 февралдан кучга кирувчи қатор имтиёзлар берди.

Масалан, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги, айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидаги таъминоти учун, “Баркамол авлод” марказларидаги, мусиқа ва санъат мактабларидаги машғулотлар учун ота-оналарнинг ҳар ойлик тўлови миқдорлари, шунингдек аҳолининг маданият ва дам олиш марказларидаги тўлов миқдорлари республика бўйича белгиланганидан 2 баравар кам даражада ўрнатилди.

Кўрсатилган ҳудудларда муҳтож оилаларга, биринчи навбатда, ёлғиз фуқаролар, пенсионерлар, боқувчиси ногирон оилалар ҳамда бошқа кам таъминланган тоифадаги аҳоли ва оилаларга қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинларининг комиссиялари қарорига биноан тайинланадиган энг кам ойлик иш ҳақининг 2-5 баравари миқдорида бир марта бериладиган моддий ёрдам шаклидаги ижтимоий нафақанинг янги тури жорий этилади.

Шунингдек, 1 февралдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун темир йўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш махсус имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади.

2016 йил 1 октябрдан ЭКИҲМ =149775 сўм.

Янгилик билан ўртоқлашиш: