Шавкат Мирзиёев Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Дата: 13:14, 23-09-2016.

Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – Кеча, 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини, биринчи навбатда, мамлакатларимизда янги бозорлар ташкил этиш ҳисобидан ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - деб таъкидланади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Хусусан, икки мамлакат экспертлари томонидан тайёрланган, рақобатбардош саноат маҳсулотлари сотадиган қўшма савдо уйларини ташкил этиш, савдо лойиҳаларини миллий банк-молия институтлари орқали қўллаб-қувватлаш, божхона хизматлари ҳамкорлигини фаоллаштириш, бизнес форумлар ўтказиш ва ўзаро ташрифларни амалга оширишга қаратилган қатор таклиф ва аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотларига кўра, Транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, жумладан, экспорт юкларини ташишда иккитомонлама ташриф преференциялари бериш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бу минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини беради.

“Асқар Мамин самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Қозоғистон Республикаси мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди”, - деб таъкидланади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: