Шавкат Мирзиёев пиллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди

Дата: 19:35, 06-05-2019.

Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пиллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, Ш. Мирзиёев Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги "Ипак гиламлар" корхонаси фаолияти билан танишди.

Қайд этилганидек, икки қаватли бинода хотин-қизлар учун замонавий шароитлар яратилган. Корхона Туркиядан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, йилига 9 млрд сўмлик 500 квадрат метр ипак гилам ишлаб чиқариш қувватига эга.

"Бугунги кунда бу ерда 200 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Маҳсулотлар АҚШ, Туркия, Россия, Эрон ва бошқ мамлакатларга етказиб берилади”, дейилади хабарда

Гиламларнинг жаҳон бозорида юқори баҳоланиши қайд этилди. Биргина кичик гилам $500 бўлиши мумкин. Корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва экспортни йилига $500 мингга етказишни режалаштирмоқда.

Ш.Мирзиёев корхона фаолиятини янада кенгайтириш, уни Фарғона сайёҳлик йўналишларига қўшиш, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларда савдо шохобчаларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

"Бундай корхоналар иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга. Биринчидан, юзлаб аёллар иш билан таъминланади. Иккинчидан, мамлакатимизда бу соҳада анъана, катта имкониятбор. Минтақа давлатларига, ташқи бозорларга йўллар очиқ. Шу боис, хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ипакдан маҳсулот тайёрлаш бўйича кластерлар ташкил этиш зарур. Шунда хомашё етказиш ҳам барқарор бўлади, таннарх ҳам тушади. Пилла боқишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда минглаб аёллар банд бўлади. Ишлаган аёлнинг турмуши, дунёқараш, фарзанд тарбиясига эътибори ҳам ўзгача бўлади”, - деди Ш.Мирзиёев.

Мутасадди шахсларга қарор лойиҳасини тайёрлаш, хотин-қизлар учун янада кўпроқ иш ўринлари яратиш, маҳсулот сотишга кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: