Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Учтепа туманидаги технопарк лойиҳаси билан танишди

Дата: 18:45, 16-06-2017.

Тошкент. 16 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Учтепа туманидаги собиқ “Сигнал” заводи таркибида ташкил этиладиган технопарк лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Умумий майдони 5,1 гектар бўлган мазкур ҳудудда бугун кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудда бино ва иншоотлар, коммуникация тармоқлари мавжуд бўлиб, турли лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш, пардозлаш ва ишга тушириш муддати 2018 йилнинг биринчи чорагига белгиланган”, - дейилади хабарда.

Аниқлаштирилишича, бу ерда иш бошлайдиган кичик корхоналарда пластмасса маҳсулотлари, энергиятежамкор лампалар, трансформатор подстанциялари, тикув ва трикотаж маҳсулотлари, замонавий мебель каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 17 корхонада 400дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, президентга 2017 йилда Учтепа туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. “Маълумотларда соҳа йўналишлари, хизматлар тури, яратиладиган иш ўринлари, ажратиладиган маблағлар миқдори, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ўз аксини топган”, - деб таъкидланади хабарда.

Ўз навбатида, Ш.Мирзиёев мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш, иш ўринларини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Хабар қилингани каби, Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтнинг Учтепа туманига ташриф буюрди ва бу ерда қурилиши режалаштирилаётган истироҳат боғи лойиҳаси билан танишди.

Шунингдек, Учтепа туманидаги 78-мактабга ташриф буюрди ва бу ерда синов тариқасида 11-йиллик таълимни қайта тиклашни таклиф қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: