Шавкат Мирзиёев ривожланган ҳуқуқий демократик жамият қурмоқчи

Дата: 18:32, 17-11-2016.

Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ривожланган ҳуқуқий демократик жамият қурмоқчи, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу режаларни у 16 ноябр куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашувда очиқлади.

“Дастурда мамлакатимизда ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорлик механизмларини кенг қўллаш, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтиришга доир стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аввало, қишлоқ аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган”, - дейилади партия сайтида жойлаштирилган маълумотда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: