Шавкат Мирзиёев ШҲТ ва ОҲИЧЙ саммитларида иштирок этади

Дата: 18:25, 11-06-2019.

Тошкент. 11 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитларида ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича йиғилишда (ОҲИЧЙ) иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгашининг саммити Бишкек шаҳрида (Қирғизистон) 13-14 июнь кунлари, Душанбе (Тожикистон)да эса саммит 15 июнь куни бўлиб ўтади.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши Мажлиси кун тартибига устувор йўналишларда, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари киритилган. Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунлари бўйича ташкилот доирасида кўпқиррали ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш, рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари, экология, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

ОҲИЧЙнинг бешинчи саммити мавзуси "Хавфсиз ва фаровон минтақанинг ягона кўриниши" бўлади. Унинг ишида 30 дан ортиқ иштирокчи мамлакатлар ва кузатувчилар делегациялари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирок этади.

Бишкек ва Душанбе саммитлари доирасида Ўзбекистон президенти хорижий делегациялар раҳбарлари билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Сурат манбаи: news.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: