Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Остонадаги саммитида иштирок этмоқда
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этмоқда, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Саммит 9 июнь куни Остона шаҳрининг Мустақиллик саройида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди”, - дейилади хабарда.
Музокарада ШҲТ ва унинг органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хабарда таъкидланишича, давлат раҳбарлари ШҲТнинг сўнгги саммитида келишилган масалалар – ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламдаги масалаларни кўриб чиқдилар.
ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди.
“ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. ШҲТ тузилганидан кейин кўплаб давлатлар унга аъзо бўлиш истагини билдирди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида давлат раҳбарлари Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомини бериш тўғрисида келишиб олган эди”, - дейилади яна хабарда.
Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, АСЕАН каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ШҲТ нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради.
Саммит ўз ишини давом этирмоқда.