Шавкат Мирзиёев Штайнмайерни Германия президенти этиб сайлангани муносабати билан қутлаб, Ўзбекистонга таклиф қилди

Дата: 12:46, 15-02-2017.

Тошкент. 15 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни Германия Федераль президенти этиб сайлангани муносабати билан қутлаб, Ўзбекистонга таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Бўлиб ўтган сайловлар сезиларли иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳиятга эга жаҳоннинг етакчи давлатларидан бири – Германиянинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга Сизнинг муҳим ва тажрибали давлат арбоби сифатида қўшган муносиб ҳиссангиз эвазига қозонган юқори ишонч ва ҳурматни тасдиқлайди”, - дея таъкидланади мактубда.

1991-йил 31-декабрда Германиянинг мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан тан олгани Ўзбекистонда юқори баҳоланади. Ўтган йиллар ҳамда муваффақиятли ҳамкорлик тажрибаси Ўзбекистон ва Германиянинг бир-биридан ўзаро манфаатдор эканлигини намойиш этди, деб таъкидланди мактубда.

Ўзбекистон “икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча масалалари бўйича очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш, икки томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини, биринчи галда, савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик, молиявий-техник соҳаларда, шунингдек яқин маданий-гуманитар муносабатларни кенгайтиришга ишонади”.

Шавкат Мирзиёев Франк-Валтер Штайнмаерни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Эслатиб ўтамизки, Франк-Вальтер Штайнмайер ўтган йил баҳорда Ўзбекистонга федерал ташқи ишлар вазири ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг амалдаги раиси сифатида ташриф буюрган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: