Шавкат Мирзиёев Сирдарё ИЭС қувватларини кенгайтириш бўйича вазифаларни муҳокама қилди
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ширин шаҳрида бўлиб, минтақадаги энг йирик Сирдарё иссиқлик электр станциясига ташриф буюрди. Бу станция Ўзбекистон энергия тизимининг марказий қисми истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлайдиган асосий манбадир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Шавкат Мирзиёев мутахассислар билан Сирдарё иссиқлик электр станцияси қувватини ошириш, ишлаб турган энергоблокларни модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилди. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархини пасайтириш, станция ускуналарини таъмирлаш учун зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича вазифалар топширилди. Истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш, электр энергияси ҳисобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади Ш.Мирзиёевнинг ташрифи якунлари бўйича президент сайтида жойлаштирилган ҳисоботда.
Эслатиб ўтамизки, Сирдарё ИЭС умумий қуввати 3050 МВт бўлган 10 энергия блокдан иборат ушбу иссиқлик электр станциясида йилига 16,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 1972-1981 йилларда босқичма-босқич фойдаланишга топширилган ушбу станцияда сўнгги йилларда мунтазам реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.