Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокимини ишдан бўшатди

Дата: 15:33, 16-12-2016.

Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Кеча кечқурун халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Ойбек Ашурматовни бошқа ишга ўтгани муносабати билан ишдан бўшатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими вазифасида ишлаб келаётган Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими этиб сайланди”, - деб таъкидлашди Сирдарё вилояти ҳокимияти матбуот хизматида.

Шавкат Мирзиёев вилоят ривожланиш суръатлари ва қатор давлат таркиблари фаолиятини танқид қилди.

“Бугун Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари бизни қониқтирмайди. Фикримизнинг тасдиғини биргина Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўтган 2 ойда вилоят фуқароларидан 2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ва шундан атиги 793таси ижобий ҳал қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мана шунинг ўзи Сирдарё вилояти раҳбарларига берилган баҳодир. Бу нафақат вилоят раҳбарияти, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳам айби, десак адолатдан бўлади”, - деб таъкидлади у.

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида уларнинг 930таси фаолият кўрсатмаётгани танқид қилинди.

Маҳсулот ва хизматлар экспорти масаласи ҳам талаб даражасида эмас. Ўтган 11 ой давомида бу борадаги прогноз режаси 77,9%га бажарилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: