Шавкат Мирзиёев собиқ “Каноп” заводи ҳудуди ва Оққўрғон туманидаги коллежларда бўлди
Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев собиқ “Каноп” заводи ҳудуди ва Оққўрғон туманидаги коллежларда бўлди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Бу ерда қишлоқ хўжалиги техникаларининг мавсумга тайёргарлиги, туманда 2018-2019 йилларда ирригация ва мелиорация тадбирларини ўтказиш, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш каби лойиҳалар намойиш этилди. Шунингдек, пахта майдонларини жойлаштириш, қорамол боқиш орқали аҳолини сифатли гўшт билан таъминлаш, йилқичилик, чорвачилик, балиқчилик, паррандачиликни йўлга қўйиш, экин майдонлари яратиш каби маълумотлар ўрин олган”, - дейилади хабарда.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, давлат раҳбари ердан унумли фойдаланиш, бир қарич ерни ҳам қаровсиз қолдирмаслик лозимлигини таъкидлади. Лойиҳаларда каноп етиштириш, шолини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни сақлаш, қадоқлаш, Тошкент вилоятининг туманларида пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш каби истиқболли лойиҳалар ўрин олган.
Шунингдек, Президентга Оққўрғон туманидаги собиқ касб-ҳунар коллежлари биносидан самарали фойдаланиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ҳунармандчилик тўгараклари ташкил этиш таклифи билдирилди. Оққўрғон қурилиш ва коммунал хўжалиги коллежи биносида ёшларни касбга тайёрлаш ва миграция марказини ташкил этиш, туманда ташкил этилган “Жамоатчилик маркази”, “Оққўрғон савдо маркази” каби лойиҳалар ўрин олган.
Бўш турган объектларни сотишда очиқлик ва адолат тамойилларига амал қилиш зарур. Бунинг учун электрон савдоларни йўлга қўйиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
“Шу ернинг ўзида туман марказини шаҳарсозлик тамойиллари асосида қайта қуриш, эски бозорни янги жойга кўчириш ва ўрнида кўркам боғ борпо этиш, шаҳар Бош режаси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Президентимиз лойиҳалар билан танишар экан, уларни такомиллаштириш, янги иш ўринларини яратиш лозимлигини таъкидлади”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://old.uzavtoyul.uz/ru/news/company_news/?ELEMENT_ID=518