Шавкат Мирзиёев солиқ ва божхона имтиёзларини кенг кўламда бекор қилишга қарор қилди

Дата: 15:49, 21-06-2019.

Тошкент. 21 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев солиқ ва божхона имтиёзларини кенг миқёсда бекор қилишга қарор қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу президентнинг 18 июнда СОВАЗ порталида эълон қилинган "Солиқ ва божхона имтиёзлари беришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида назарда тутилган. Муҳокама 3 июлгача давом этади.

"2019 йил 1 октабрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи, шу жумладан асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси; соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси; қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинсин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Қайд этилганидек,  қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида белгилансинки, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

2019 йил январь ойидан август ойигача 1 млрд сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегара даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.

Пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда, уларга 2019 йилдаги пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган ва 2018 йилнинг 1 октябридан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилади.

Сурат манбаи: zhilnadzor.astrobl.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: