Шавкат Мирзиёев тўрт кунлик ташриф билан Жанубий Кореяга боради
Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – 22-25 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22-25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган”, - деб таъкидланади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, Президент Миллий Ассамблея Спикери ва Корея Республикаси Бош вазири билан учрашади, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этади.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.


