Шавкат Мирзиёев Тахиатош ИЭС икки буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича инвестлойиҳанинг амалга оширилиши билан танишди

Дата: 16:14, 29-09-2016.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Кеча, 29 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тахиатош иссиқлик электростанциясида (ИЭС) икки буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Шавкат Мирзиёев Тахиатош иссиқлик электр станциясида бўлиб, бу ерда 230-280 МВт қувватдаги иккита буғ-газ қурилмалари қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари билан танишди. Умумий қуввати 730 МВт бўлган 5 энергия блогидан иборат ушбу иссиқлик электр станцияси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашнинг асосий манбаи ҳисобланади. Иссиқлик электр станциясида йилига 3,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва бунда 1,15 млрд куб метр табиий газ ёқилади”, - дейилади Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифи якунларига бағишланган ҳисоботда.

Таъкидланишича, Янги инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши нафақат катта ҳажмдаги қимматбаҳо хом-ашёни тежаш, балки талаб тобора ортиб бораётган электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини ҳам беради. Хусусан, иссиқлик электр станцияси қувватини 230-280 МВтга ошириш ҳисобидан табиий газ истеъмолини 488 миллион куб метрга камайтириш кўзда тутилган. 

 Хабарда таъкидланишича бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилгач, Тахиатош иссиқлик электр станциясининг умумий қуввати 930 МВтга етади, электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми эса 3,3 млрд кВт/соатдан ошади. 

Шунингдек, шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг бош режаси билан танишгани ҳам хабар қилинган.

“ Суҳбат чоғида замонавий кўп қаватли турар жой бинолари, дам олиш масканлари, сунъий кўллар ва сув ҳавзалари барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли учун қулай ва муносиб шароитлар яратиш кўламини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: