Шавкат Мирзиёев тезкор тиббий ёрдам тизимини ислоҳ қилишни топширди

Дата: 13:57, 17-03-2017.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги тезкор тиббий ёрдам тизимини тубдан ислоҳ қилишни кўзда тутувчи фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Хужжатда таъкидланишича, “бугунда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмас”.

Давлат раҳбарининг фикрига кўра, шу билан бирга, “Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини, шунингдек, шошилинч тиббиёт соҳасида маҳаллий илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти”.

Ушбу ҳолатни тузатиш учун яқин уч йил ичида Ўзбекистонда қатор чоралар кўрилади. Хусусан, 2017 йил 1 июлгача бўлган муддатда ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқланади.

Шунингдек, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади. 

Шунингдек, Президент тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан босқичма-босқич таъминлаш, шу жумладан, ушбу мақсадлар учун 2017 йилда молиялаштириш ҳажмини камида 2 баравар кўпайтиришни топширди.

“Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда 240 та объектни мукаммал таъмирлаш ва 369 та объектни жорий таъмирлаш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати бинолари ва хоналарининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш режалаштирилган”, - деб таъкидланади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: