Шавкат Мирзиёев тиббиёт ҳодимларини ютуқлардан қаноатланиб қолмасликка чақирди

Дата: 16:34, 06-01-2017.

Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ҳодимларини ютуқлардан қаноатланиб қолмасликка чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир”, - деди давлат раҳбари 5 январда соғлиқни сақлаш соҳасининг етакчи мутахассислари билан ўтказган учрашувида.  

Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда, деб давом этди Мирзиёев. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади.

“Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”, деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: