Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимини ишдан бўшатди
Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – 15 декабрда Тошкент вилоят Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Ислом Эргашхўжаевни бошқа ишга ўтгани муносабати билан ишдан бўшатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ангрен шина заводи директори лавозимида ишлаб келаётган Шукурулло Бобоев Тошкент вилояти ҳокими этиб сайланди”, - деб таъкидлашди пойтахт вилояти ҳокимияти матбуот хизматида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сессияда Тошкент вилоятидаги ишларнинг аҳволини жиддий танқид қилди.
Хусусан, у Тошкент вилояти ёшларини иш билан таъминлаш борасида сусткашликка йўл қўйилаётгани, коллеж ўқувчиларининг давомати назоратсиз қолаётганини қайд этар экан, мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади.
Вилоят ҳудудида фойдаланилмай турган бино ва иншоотларни инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда сотиш бўйича берилган топшириқларни ўз вақтида бажармагани учун Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятовга ҳайфсан берилди.


