Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги қатор лойиҳалар билан танишди
Тошкент. 3 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида қатор лойиҳалар билан танишди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ш.Мирзиёев Оҳангарон шаҳридаги Давлат хизматлари марказининг янги биносига ташриф буюриб, фуқаролар мурожаатларида тез-тез кўтарилаётган муаммоларга тезкор жавоб бериш, хизматлар олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сонини босқичма-босқич камайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, давлат хизматлари марказлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда маҳалла йиғинларида ҳужжатлар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, президент Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" давлат мактабгача таълим муассасасида бўлиб, у ерда болалар боғчасида яратилган шароитлар билан танишди, соҳа мутасаддилари ва тарбиячилари билан суҳбатлашди. Мамлакатимиз келажагини таъминлайдиган кадрлар тайёрлаш айнан мактабгача таълимдан бошланаётганини, бунинг учун янги болалар боғчалари барпо этиш ва мавжуд болалар боғчалари қамровини кенгайтириш орқали зарур асос яратилаётганини таъкидлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Оҳангарон туманидаги «Building innovation» корхонасини кўздан кечирди. Бу ерда президентимиз корхона қуввати ва маҳсулот намуналари билан танишди. Қурилиш материаллари турларини кенгайтириш бўйича компания раҳбарига тавсиялар берди.
"Шу ернинг ўзида қурилиш материаллари саноати ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш, Тошкент вилоятида терини қайта ишлаш бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Шулар қаторида Оҳангарон цемент заводида Россиянинг "Евросемент груп" холдинги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа ҳам шулар жумласидандир. 160 миллион долларлик лойиҳа йилига 17 миллион доллар маҳсулот экспорти ҳамда 200 иш ўринлари яратиш имконини беради", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, президент Бўка туманидаги "Саркор" фермер хўжалиги даласига ташриф буюриб, ғўза ва буғдойнинг ривожланиш ҳолати билан танишди. Бу ерда 2019-2020 йилларда Тошкент вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар намойиш этилиб, бунинг натижасида 14,5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Ш.Мирзиёев президентнинг бешта ташаббуси доирасида Бўка туман марказида ташкил этилган "Экопарк"ни кўздан кечирди, шунингдек, яратилган шароитлар билан танишди. Ш.Мирзиёев парк кутубхонасига ташриф буюрди.
"Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда китобхонликни тарғиб қилишнинг илмий асосланган усулини, шунингдек, турли ёшдагилар учун энг мақбул китоблар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Паркда маҳаллалар ўртасида маданий тадбирлар ва мусобақалар ташкил этиш, ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказиш бўйича топшириқлар берилди", - дея таъкидланади хабарда.
Сурат манбаи: president.uz